АЧЧИҚ ҲАҚИҚАТЛАР ФАЛСАФАСИ ЁХУД ФРИДРИХ НИТЦШЭ ҚИЁФАСИГА ФАЛСАФИЙ ЧИЗГИЛАР
Чор мустамлакачилигининг Туркистондаги генерал-губернаторларидан бири, биз Туркистонни эллик йил мобайнида жаҳон маданий тараққиётидан йироқда тутиб келдик, деган гапи кўпчиликка маълум. Бироқ бугина эмас, шўролар даври деб аталган янгимустамлакачилик йилларида ҳам ана шу тамойилга амал қилинди. Натижада жаҳон тафаккури тараққиётига улкан ҳисса қўшган кўпдан–кўп буюк мутафаккирларнинг номлари тилга олинмас, уларнинг китобларини чоп этиш тақиқланган эди. Шу боис бутун халқгина эмас, балки миллатимиз зиёлиларининг аксарият кўпчилиги улар ҳақида ҳатто оддий маълумотга ҳам эга эмасдилар. Буюк олмон файласуфи, руҳшунос ва ёзувчи Фридрих Нитцшэ ана шундай сиймолар сирасига киради.
Реформация даврида Польшадан қувғин бўлиб, Олмонияда ўрнашиб қолган граф Ницкийлар сулоласига мансуб Фридрих Вилҳелм Нитцшэ Пруссия билан Саксония чегарасидаги Ройккен қишлоғида 1844 йилда, руҳоний оиласида дунёга келди. У ҳам отаси каби келажакда руҳоний бўлиши керак эди. Шу боис у дастлаб Пфорта монастирининг диний мактабида ўқийди. Мактабни тугатгач, болаликдаги фикридан қайтиб, Бонн университетига киради ва кейин ўқишни Лайпцих университетида давом эттиради. Талаба Фридрих бу ерда ҳам худди диний мактабдагидек дўстлари орасида ҳар жиҳатдан намуна бўлишга ҳаракат қилади. «Райн илмий журнали»да қадимги юнон адабиёти ва фалсафасига доир қатор етук мақолалар эълон қилиб, ўзининг фавқулодда истеъдод эгаси эканини кўрсатади. Лайпцих университетини ҳали битирмаган талабани Швейцарияга, машҳур Базэл университетининг Мумтоз филология кафедраси мудирлиги лавозимига таклиф этишади. Лайпцих профессорлари «олмонча педантлик» ғовини ошиб ўтиб, унга имтиҳон олмасдан «аъло» баҳо қўйиб беришади. Базелликлар ҳам худди шу тахлит, Фридрих Нитцшэдан ҳеч қандай диссертация ёқлашни талаб қилмаган ҳолда, профессорлик илмий унвонини берадилар. Шундай қилиб, салкам ўн йил мобайнида у Базел университети профессори бўлиб ишлайди ва бош оғриқ касали тез-тез хуруж қила бошлагани ҳамда эркин файласуф бўлишга кучли интилиши туфайли лавозимидан бўшайди, университет берган нафақа пулига яшаб, ижод қилади. Унинг илк асари «Фожианинг туғилиши ёхуд эллинизм ва пессимизм» (1871–1863) кенг китобхонлар орасида муваффақият қозонмайди. Кейинги ёзган барча асарлари ҳам кўпчилик замондошлари диққатидан четда қолади, натижада у аксарият асарларини нафақа пулини тежаш ҳисобига, нашр ҳақини ўз ёнидан тўлаган ҳолда чоп эттиради. Нитцшэнинг асосий асарлари қуйидагилар: «Тарихнинг ҳаётга фойдаси ва зарари хусусида» (1873), «Шопэнҳауэр тарбиячи сифатида» (1874), «Одамий, ўта одамий» (1876–1878), «Қувноқ илм» (1881–1886), «Ёвуз донишмандлик. Ҳикматлар ва фикрлар» (1882–1885), «Тонг шуъласи» (1880), «Зардушт шундай деди» (1883–1885), «Эзгулик ва ёвузликнинг нариги тарафида» (1885–1886), «Ахлоқ генеологиясига доир» (1887), «Маъбудлар шоми» (1888), «Аксилнасроний» (1889).
1899 йили январда Нитцшэ руҳий хасталикка учрайди ва деярли ўн йил ўзига келмайди. 1900 йили у Ваймар хастахонасида оламдан ўтади.
Энди Нитцшэ фалсафасига тўхталадиган бўлсак, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, унда қатор мураккабликларни, бир жойнинг ўзида бир неча «инкорни инкор»ни учратамиз, назокат билан қўПольлик, ахлоқийлик билан ахлоқсизлик, ақл билан ҳиссиёт, меҳр билан қаҳр, камтарлик билан мақтанчоқлик ёнма-ён келади. Шу боисдан ҳам у ҳақда ҳозиргача бир-бирини тубдан инкор қиладиган икки умумий фикр мавжуд. Бири – уни фашизмнинг асосчиси, урушлар тарафдори, ахлоқсизликни, зўравонликни маъқулловчи, мафкурачи-файласуф сифатида, иккинчиси – инсон шахси озодлигини, хусусийлигини бўрттириб кўрсатган, инсоннинг улуғ мавжудот эканини унинг ёдига солувчи, шахс эрки тарафдори бўлган мутафаккир тарзида талқин этади. Хўш, аслида у қандай файласуф?
Бу саволга нисбатан одилона ва холисона жавоб бериш учун биз шу пайтгача фалсафашунослигимизда ҳукм суриб келган одатий ёндашувдан – руслар олиб борган аввалги тадқиқотларга асосланиб фикр юритиш тарзидан қочиб, буюк олмон файласуфи меросига, яъни манбаларнинг ўзига тўғридан- тўғри мурожаат қилиш йўлини танладик.
Фридрих Нитцшэ устози Артур Шопэнҳауэр каби Шарқ маънавиятига, шарқона инсон концепсиясига катта ҳурмат билан қаради ва инсон ҳақидаги ҳақиқатни Шарқдан қидирди, маълум маънода ўзини Зардушт билан айнанлаштирди. Эҳтимол, улуғ аллома Абу Ҳомид ал-Ғаззолий «Иҳё улум ад–дин»нинг (Диний илмларнинг жонлантирилиши) «Тавба» китобида келтирган Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан Дайламий ривоят қилган қуйидаги ҳадиси муборакдан Нитцшэнинг хабари бўлгандир: «Тонг отиб, кун ёришган ҳар саҳар, кун ботиб, шафақлар йўқолган ҳар кеча борки, унда икки фаришта тўрт хил овозда бир-бирига дейди: «Кошки, бу халқ яратилмаса эди!» Бошқаси дейди: «Кошки, улар яратилганларидан сўнг, нима учун яратилганларини билсалар эди!» Яна бири дейди: «Кошки улар нима учун яратилганларини билганларидан сўнг, билганларига амал қилсалар эди!». Ривоятга рамзийлик тусини берадиган бўлсак, икки фаришта, бу – оламнинг икки қутби, тўрт хил овоз – оламнинг тўрт томони. Иккала қутб ҳам, Шарқ, Ғарб, Шимол, Жануб ҳам инсон ўзига юкланган Тангрига халифалик рутбасидаги вазифасини бажармаётганидан, Худодан кейинги иккинчи улуғ мавжудот эканини унутиб қўйганидан, майдалашиб, тубанлашиб кетаётганидан фарёд кўтараётганини илғаш қийин эмас. Буюк файласуф ҳам ана шундай фарёд кўтаради. Бу – ўз ҳаёти маъносини англаб етишга уринган улуғ инсоннинг фарёди, кўпчиликка ёқмайдиган фарёд.
Ҳаёт маъносини излаш – Нитцшэ фалсафасидаги етакчи йўналиш, файласуфнинг асосий интилиши. Ана шу изланишнинг ўзиёқ файласуф билан бошқа одамлар ўртасида бутун бир жарлик пайдо қилади. Одамларнинг кўпчилиги ўзлари олдига давлат, оила, расмий-диний эътиқод, жамият қўйган вақтинчалик, ўткинчи муаммоларга боши билан шўнғиб кетган: уларнинг барча фаолияти ўзларидаги олий онгни, асл савқи табиийни бўғиш, «бахт кетидан қувиш» ва кўр-кўрона «ҳаёт учун ҳаётга интилиш» билан ўзни унутишга қаратилган. Файласуф учун бундай «ўзини ухлатган онг» чидаб бўлмас ҳолатдир. У ҳаётни асл манбаи ва шиддатли интилишлари доирасида кузатишни, текширишни хоҳлайди, бу – ҳаётдан изтироб чекиш дегани.
Файласуфнинг вазифасини Нитцшэ ҳаётга очиқ кўз билан қараш, атроф-муҳитга маъно бағишлаш, ўзи ва бошқаларни маъносиз, ҳайвоний ҳаётни давом эттириш юкидан озод қилиш. Инсон зотининг энг яхши намояндалари – улуғ санъаткорлар, файласуфлар ва авлиёлар онгнинг чарақлаган ёғдуси билан табиатнинг қора қаърини ёритади; уларнинг пайдо бўлиши – ўзини англаган ва ўз мақсадига эришган табиатнинг қувончли сакраши. Инсоният тарихининг маъносини оммадан эмас, кўпчилик инсон зотининг бахтидан эмас, балки умумқоидада истисно ҳисобланган даҳолардан, буюклардан, «ало одам»лардан излаш лозим. Тарихнинг мақсади тирикчилик дардида юрадиган подасифат одамлар гуруҳининг иложи борича кўпроқ нусхаларини яратиш эмас, балки буюк санъаткорлар, файласуфлар ва авлиёларни бунёдга келтиришдир. Шу нуқтаи назардан Нитцшэ «Зардушт шундай деди» (Also sprach Zarathustra) китобида одамларни уч тоифага ажратади: охирги одамлар, яхши одамлар ва ало одам (Ubermensch), одамдан юксак одам. У Зардушт тилидан шундай дейди: «Қарангиз! Мен сизга энг охирги одамни кўрсатаман. «Муҳаббат – нимадир? Яратмоқ – нимадир? Интилмоқ-чи? Юлдуз дегани нима?» Охирги одам ана шундай деб сўраб туради ва кўзларини пирпиратади. Ер кичкина бўлиб қолди ва унинг юзасида ҳамма нарсани кичрайтирувчи митти одам сакраб-сакраб юрибди. Унинг уруғи суварак каби қирилиб битмагай: охирги одам ҳаммадан кўпроқ яшайди. Улар вақти-вақти билан андак заҳар ютади. Шундан яхши тушлар кўради… Чўбон йўқ, ҳаммаси – пода! Ҳар ким тенглик истайди, ҳамма – тенг. Кимда-ким бошқача англаса, ўз ихтиёри билан жиннихонага йўл олади. «Илгари бутун олам телба эди», – дейди уларнинг энг оқиллари ва кўзларини пирпиратади. «Бахт-иқболни биз топганмиз», – деб айтади охирги одамлар ва кўзларини пирпиратади».
Мана, яхши одамнинг таърифи: «Мен шундай одамни севаманки, у ало одамга макон қурмоқ учун заҳмат чекади ва ихтиролар қилади ва унинг келмоғи учун ер, махлуқот ва набототни ҳозирлаб қўяди. Зотан, шу тарзда ўз ҳалокатини истайди. Мен шундай одамни севаманки, у яхшилигидан интилиш ва толени ясайди. Зотан, у худди мана шундай – ўз яхшилиги учун яшашни истайди ва бошқача умр кечиришни билмайди».
Ало одам тўғрисида эса Нитцшэ қуйидагича фикрлайди: «Мен сизларга ало одам тўғрисида таълимот келтирдим. Одам шундай бир хилқатдирки, ундан ошиб ўтмоқ керак. Сиз ундан ўтмоқ учун нима қилдингиз? Шу дамгача барча хилқатлар ўзидан юқорироқ недир бир нарса яратди. Сиз шу улуғ тўлқиндан сачраган кўпик бўлиб ўтирдингизми? Одамдан ўтиш ўрнига, тезроқ боз яна ваҳший ҳайвон тусига киришга ошиқдингизми? Ало одам – заминнинг мазмуни. Биродарларим, мен сизга илтижо қилиб, заминга содиқ бўлинг ва сизга ер узра умид тўғрисида сўзлаётганларга ишонманг, ўзлари биларми, билмасми, барибир, улар заҳарлагувчилар, деб айтурман… Чиндан ҳам, одам – лойқа селдир. Уни ўзига ютиб тоза қилмоқ учун фақат денгиз бўлмоқ керак. Қаранг, мен сизга ало одам тўғрисида сўзлаяпман: у – ўша денгиз, унда сизнинг улуғ нафратингиз чўкиб кетгай. …У – чақмоқ, у – телбалик. »[1]
Энди учала одам турини тасаввур қилиб кўрайлик. Мисол тариқасида «Алпомиш» достонига мурожаат қиламиз. Охирги одамлар кичкина жойдаги кичкина иссиқ ўринлари учун Алпомишнинг ўғли Ёдгорни хўрлаган баковул, Ултонтозни хон кўтариб, унинг дастурхони сарқитларини завқ билан кутиб яшаётган кичкина одамлар эмасми? Улар агар катта ҳарфлар билан ёзиладиган «Муҳаббат» сўзининг маъносини билганларида, юлдузлар билан ақалли бирор тун сўзсиз суҳбатлашганларида пасткашлик қила олармидилар? Нитцшэ улар ҳақида бошқа бир ўринда майдалашиб кетган бундай одамлар, ҳукмронликка лаёқати бўлмаган, нолойиқ шахсларнинг муваффақиятлари учун йўл очиб беради, улар буйруқ берадиган ҳар қандай ирода кучи олдида тиз чўкадилар, дейди.
Яхши одам-чи? Яхши фазилатли одам Қоражон эмасми? Қоражонлар Алпомишларнинг келиши учун, юзага чиқиши учун ҳамма нарсани қилишга, керак бўлса, жонини беришга тайёр. Алпомишларнинг уларсиз рўёбга чиқиши мумкин эмас. Алпомишлар эса – заминнинг мазмуни. Шу сабабли Нитцшэ уларни инсониятнинг орзу-умиди деб таърифлайди: «Бизнинг моҳиятимиз – ўзимиздан юксакроқ мавжудотни яратишдан иборат. Ўз чегарамиздан наридаги ўзимизни яратиш. Қачондир у ерга мақсад, қутқарувчи инсон келиши керак. Худо ўлди, ва бизнинг истагимиз – Ало одам яшасин»[2]. Бундай одам олдида қонунлар бош эгади, унда ҳам қонунчи, ҳам санъаткор омухталашиб кетган бўлади.
Даражалар пиллапоясида инсон эгаллайдиган ўрин у чека олиши мумкин бўлган изтироблар билан белгиланади, дейди файласуф. Бунинг учун, яъни изтироблар чекиб, ало одам бўлиш учун инсон анъанавий ахлоқий қадриятлардан кечиши лозим; шафқат эмас, шафқатсизлик қилиши керак, рост сўз – бор-йўғи қатъий амр, ёлғон эса – ҳаётнинг доимий йўлдоши, ҳатто шарти, ҳар қандай фазилат нодонликка, ҳар қандай нодонлик фазилатга етаклайди – мана, Нитцшэнинг қадриятларни қайта баҳолаши. «Ахлоқ, – дейди у, – инсоннинг табиат қошидаги олифтагарчилиги»[3]. Зеро, ахлоқ туфайли ёввойи, эркин, дарбадар инсоннинг барча табиий феъли (инстинкти) доимий мажбурликда сақланиши натижасида, ташқарида қўлланиш имконини топмасдан, ичкарига уриб кетади. Шу боис одам ўзини ички сиқувда сақлайдиган ахлоқий қадриятлардан кечиши керак, эркин бўлиши лозим. Бу эса, юқорида айтилганидек, изтиробни талаб этади.
Қадриятларни қайта баҳолаш учун эса, инсон оддий хоҳишдан юксакроқ бўлган ихтиёр билан қуролланиши лозим. У ихтиёр фалсафасининг отаси деб ном олган Шопэнҳауэр назарда тутган ихтиёрдан фарқ қилади. Нитцшэнинг фикрига кўра, Шопэнҳауэр биринчидан «ихтиёр» (wille) сўзини оддий халқ орасидагидек бир хил маънода – жўнгина хоҳиш тарзида тушунади ва талқин қилади. Ваҳоланки, ҳар бир хоҳишда қатор ҳиссиётлар мавжуд, айнан: биз ўзимиз нимадандир қутулишга интиладиган ҳолат ҳисси, биз нимагадир эришишга интиладиган ҳолат ҳисси, шу интилишларнинг ўзини ҳис этиш ҳолати ва унга ҳамроҳ тарздаги ҳаракатни вужудга келтирадиган мушаклар ҳисси. Айни пайтда ихтиёр фақат ҳиссиёт ва фикрлар йиғиндисигина эмас, унда буйруқ бериш ва аксинча бўйсуниш томонлари бор. «Ҳар қандай хоҳишда, – дейди Нитцшэ, – гап айнан буюриш ва бўйсуниш ҳақида боради…»[4]. Шу боис ихтиёр Шопэнҳауэр айтганидек, ҳаётни инкор этиш эмас, балки барқарор этиш воситасидир. Шопэнҳауэрнинг қарашлари тушкунликдан бошқа нарса эмас. Ҳаётни «ихтиёр ва тасаввур» билан инкор қилиш керак эмас, балки «энг аввало Шопэнҳауэрни инкор этиш керак»[5]. Зеро «ихтиёр», табиийки, фақат «ихтиёр»га таъсир кўрсатади. «Ҳаёт ўз моҳият эътиборига кўра, эгаллаб олиш, зарар етказиш, нимаики ёт ва кўпроқ заиф бўлса, ўшани енгиб ўтиш, эзиш, қаҳр, ўз шаклини зўрлаб ўтказиш… – деб ёзади Нитцшэ. – Шунга кўра муайян жамият «ўсишга, кучайишга, эгаллаб олишга интилади, устунликка ҳаракат қилади ва буларнинг ҳаммаси қандайдир ахлоқий ёки ахлоқсиз тамойиллар туфайли рўй бермайди, балки шу жамият яшаётгани учун ва ҳаёт ҳукмронликка ихтиёрдан иборат экани учун ҳам шундай бўлади»[6].
Бошқа бир ўринда эса, Нитцшэ шундай деб ёзади: «Ҳаёт хусусий ҳодиса сифатида (барча мавжудотларни умумий табиати борасидаги фараз шундан келиб чиқади) ҳукмронликни энг кўп (максимум) ҳис қилишга интилади, моҳият эътибори билан у кўп миқдордаги ҳукмронликка интилишдир; ҳар қандай интилиш ҳукмронликка ихтиёрдан бошқа нарса эмас; бу ихтиёр барча рўй берадиган ҳодисаларда энг асосий ва ҳақиқий омил бўлиб қолаверади»[7].
Шундай қилиб, Нитцшэ наздида ҳаёт эзгулик ва ёвузликни, гўзаллик ва хунукликни, ҳақиқат ва ёлғонни, меҳр ва қаҳрни билмайдиган, ҳисобга олмайдиган шиддатли оқимдан иборат. Бу оқимни ҳаракатга келтирувчи куч эса ҳукмронликка бўлган ихтиёрдир, усиз ҳаёт ўлик, қотиб қолган, тараққиётдан йироқ ҳодисадир.
Изтироб ўзгаларга эмас, ўзига шафқатсизликдан, эзгулик ва ёвузлик доирасидаги фазилатлардан кечиб, ундан нариги тарафга ўта олишдан, яъни, муайян давр учун қонунлаштириб қўйилган ахлоқ меъёрларини бажармасликдан, уларни кунпаякун қилиб ташлашдан иборат. Прометей тақдири бунга яхши мисол бўла олади. У Зевс ўрнатган ва ҳеч бир маъбуд тасаввур эта олмайдиган жиноят қилди. Олимп илоҳий жамоасидаги азалий ахлоқ қоидаларини бузди – инсонга, зулматга маҳкум мавжудотга олов ўғирлаб келтириб берди ва бу «ўғри» қояга парчинланиб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган азобга маҳкум этилди.
Ленин ҳам, Ҳитлэр ҳам, Сталин ҳам, Поль Пот ҳам эмас, айнан ана шу «ахлоқсиз» маъбудни маълум маънода ало одамнинг азалий тимсоли дейиш мумкин.
Фридрих Нитцшэни олмон миллатчилигида айблашади. Ваҳоланки у: «Олмонлар – уларни қачонлардир мутафаккирлар деб аташарди – улар ҳозир, умуман фикрлай оладиларми? – Deutsсhland, Deutsсhland uber alles[8], қўрқаманки, олмон фалсафасининг сўнгги шу бўлмаса эди…» – дейди[9].
Нитцшэни яҳудийларнинг душмани, миллатчи сифатида талқин этишади. Ваҳоланки, у мана бундай дейди: «Яҳудийлар, шубҳасизки, ҳозир Оврўпадаги энг кучли, энг тиришқоқ, энг тоза ирқ… Мамлакатдан аксилсемитчи бақироқларни чиқариб юбориш, эҳтимол фойдали ва адолатли бўлур эди»[10].
Нитцшэнинг устози Артур Шопэнҳауэр буюк олмон шоири Ҳайнрих Ҳайнени, гарчанд даҳо сифатида тан олса-да, миллати яҳудий бўлгани учунгина унга нисбатан нафратомуз, ҳақоратомуз гаплар айтади. «Гарчанд, – деб ёзади Шопэнҳуэр, – Ҳ.Ҳайнэ масхарабоз эса-да, унда даҳолик ва даҳоликни англатиб турадиган соддалик бор. Бироқ соддаликка яқиндан қарасанг, унинг илдизи жуҳудча уятсизлик эканини кўрасан, зеро у ҳам Ример айтганидек, на уяти, на виждони бор миллатга тааллуқлидир»[11]. Нитцшэ эса Ҳайнэга бир эмас, бир неча ўринда Гётэ билан тенг даҳо шоир, нафақат олмон миллатининг, балки бутун Оврўпанинг фахри деб қарайди, уни тор миллий қобиқни ёриб чиқа олган, Оврўпани бирлаштиришга томон ўзининг сеҳрли маънавияти билан йўл очиб берган сиймо сифатида баҳолайди. Буюк бирлаштирувчилик ғояси ҳақида гапириб, у: «Мен Наполеэон, Гётэ, Бетховэн, Стендал, Ҳайнэ, Шопэнҳауэрни назарда тутяпман», – дейди бир ўринда[12].
Нитцшэнинг умумбашарий мезонлар билан фикрлашини, таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, миллий бағрикенглигини унинг атеизмида ҳам кўриш мумкин. Бу атеизм ўзига хос, нисбийлик табиатига эга. Нитцшэ, табиийки, барча динларни инсоний имкониятнинг юзага чиқарилишига қарши, инсонни заифлаштирадиган эътиқодий ҳодиса сифатида олиб қарайди. Айниқса, у насронийликни ниҳоятда ёмон кўради, бу дин ҳақида ғазаб, нафрат ва жирканч билан гапиради. Уни Исо хочга парчинланганидан бошлаб, фақат салбий моҳият касб этганини, ҳатто Исонинг асл талабларига бутунлай қарама-қарши динга айланганини таъкидлайди, черковни ёлғончилик, сохтакорлик, риёкорлик бижғиб ётган маскан, том маънода Оврўпанинг ёвуз ички душмани бўлиб қолган расмий ташкилот деб таърифлайди. Бироқ буддҳачилик, ҳатто ҳиндувийлик тўғрисида гап кетганда, уларга жуда ҳам қора чаплаб ташламаган ҳолда, «сал-пал чидаса бўладиган» динлар сифатида муносабат билдиради. Айниқса Нитцшэ мусулмончиликни баланд қўяди: насронийликни инсонни хотинчалиш мавжудотга айлантирадиган дин деса, исломни эркаклар дини, мардонавор дин деб атайди, насронийлик ташвиқотчиларини нопок одамлар тарзида талқин қилади. «Табиат, – деб ёзади Нитцшэ, – уларни бир нарсадан қисган – уларга ҳалол, тузукроқ, пок савқи табиийликдан иборат одмигина сеп қилишни унутиб қўйган… Ўзаро айтадиган бўлсак, улар эркаклар эмас… Агар ислом насронийликдан жирканар экан, у минг маротаба ҳақ, исломнинг замини – эркаклар… Насронийлик антик маданият ҳосилини йўққа чиқарди, кейинроқ у ислом маданияти ҳосилини ҳам хароб қилди. Моҳиятан кўпроқ бизга яқин – қадрдон бўлган ва Румою Юнонистондан кўра бизнинг ҳиссиётларимиз ҳамда дидимизга мос келадиган Испаниядаги ажойиб араб маданий дунёси оёқости қилинди»[13]. Шу билан бирга Нитцшэ салиб юришларининг асл мақсади буюк мусулмон Шарқи маданиятини, бойликларини талон-торож қилишга қаратилган тарихий қароқчилик деб атайди ва буларнинг деярли ҳаммасини черков олмон қиличи кўмагида амалга оширганини афсус билан қайд этади[14].
Фридрих Нитцшэ бир эмас, бир неча ўринда Осиёнинг Оврўпа учун намуна вазифасини ўтаб келганини айтиб ўтади. Юнонларнинг буюк маданият соҳиблари бўлишларига асосий сабаблардан бири уларнинг Осиёга иқтидо қилганликларида, ундан ўрганганликларида деб билади. Ҳатто аёллар, ҳозирги замон тили билан айтганда, феминизм масалаларида ҳам осиёликлар намуна бўлганлар. Бунга Ҳомэр давридан Периклгача ўтган вақт мобайнида юнонларнинг аёлга муносабатлари қадам-бақадам осиёлашиб борганини мисол қилиб келтиради. У юнонларни Осиёнинг энг яхши меросхўрлари ва шогирдлари деб атайди[15].
У олмонлардан ҳам юқорида кўчирма келтирилган саҳифаларда Осиёга ана шундай муносабатни талаб қилади ва шундай муносабат учун Пруссия қироли Буюк Фридрихни қўллаб-қувватлайди, ислом билан алоқани мустаҳкамлашга даъват этади, зеро олмонларни насронийлик ва ичкилик юксак маданиятдан четда тутиб келган, миллатни айнитган воситалардир. Олмонлар учун «Ислом ва насронийлик борасида танлов бўлиши мумкин эмас… Қарор қатъий ва ҳеч кимга танлов ихтиёри берилмайди. «Румо билан қирпичоқ бўлиш! Ислом билан тинчлик ва дўстлик: олмон императорлари орасидаги даҳо, буюк эркин руҳ эгаси Фридрих Иккинчи шундай ҳис этган ва шунга амал қилган эди»[16].
Ёки мана бу фикрга эътибор қилинг: «Ҳеч қанақанги америкача келажакнинг бизга кераги йўқ! Олмон ва славян ирқларини пайвандлаш лозим. »[17]. Нитцшэнинг яқин шогирди – яҳудий, уйланмоқчи бўлган қизи рус миллатига мансублиги унинг таржимаи ҳолидан бизга маълум. Бу мисоллардан кейин Нитцшэни миллатчиликда айблаш кишига эриш туюлади. Тўғри, у яҳудийларни баъзи ўринларда «қамчилаб» ўтади. Лекин уларнинг асосий айбини Исони дунёга келтирганликда кўради. Насронийликни эса одамларни шалпайган, эрксиз мавжудотга айлантириб қўйганликда айблайди.
Яна кўпгина ўринларда Нитцшэ олмонларни аямай танқид қилади – «қотиб қолган», «пивохўр», «ақидапараст» ва ҳ.к. Бир ўринда у шундай деб ёзади: «Эътироф этаманки, бу олмонлар менинг душманларим: мен уларнинг турли хил нопок тушунча ва баҳоларидан, ҳар бир ҳалол Ҳа ва Йўқ қошидаги қўрқоқликларидан нафратланаман»[18]. Ёки бир неча жойда: «Олмония қаерга қўл чўзмасин, ўша ерда маданиятни расво қилади», – дейди[19]. Лекин барибир унинг олмон миллати учун жон куйдириши сезилиб туради. Айни пайтда у ўзини умумоврўпа зиёлиси деб ҳисоблайди. «Келиб чиқишимнинг ўзиёқ, – деб ёзади у менга барча маҳаллий, фақат миллат билан шртланадиган нарсалардан нариги томонга нигоҳ ташлашга имкон беради; мен учун «олийжаноб оврўпалик» бўлиш ҳеч гап эмас. Бошқа томондан, мен эҳтимол ҳозирги оддий империя олмонларидан кўра олмонроқман – мен сўнгги аксилсиёсий олмонман»[20].
Нитцшэ фалсафасининг марказида айтиб ўтилганидек, инсон туради. Бу – ахлоқ фалсафаси дегани. Зеро, буюк олмон файласуфининг «Тонг шуъласи», «Эзгулик ва ёвузликнинг нариги тарафида», «Ахлоқнинг шажарасига доир», «Аксилнасроний» асарлари бутунисича тўғридан–тўғри ахлоқий муаммоларига бағишланган. Нитцшэ қарашларининг шоҳтомири ахлоққа муносабат эканини унинг қадриятларни қайта баҳолаш борасидаги фикрларида кўриб ўтган эдик. Бу ўринда яна шуни таъкидлаш керакки, Нитцшэ Шопэнҳауэрнинг шогирди. Шопэнҳауэр эса ўз ахлоқ фалсафасида иллатларни биринчи ўринга қўйиб, ахлоқий фазилатларни мустақил ҳодисалар эмас, балки иллатларнинг акси тарзида талқин этади. Нитцшэ бу борада яна ҳам илгарилаб кетади: иллатларни фазилат тарзида, фазилатларни иллат тарзида тақдим қилади. Чунки инсон Нитцшэ наздида (аслида ҳақиқатда ҳам) шу даражада «ахлоқийлашиб» кетганки, у эзгуликсиз яшай олмайди. Лекин, гап шундаки, у эзгуликни кўпроқ ниқоб сифатида ишлатади, натижада ҳаммаёқни сохта эзгулик, сохта фазилат босиб кетган, инсон росмана қадам ташлаб яшаши учун жой йўқ – фазилатнинг дастидан дод! Шу боис инсоннинг ўз иллатларини тузатмаса ҳам, уларни очиқ, ҳалол эътироф этиши фазилатлар ортида иллатларни беркитиб туришидан кўра, фазилатлар билан ниқоблашидан кўра афзалдир. Нитцшэнинг, иллатлар учун ниқобга айланиб қолган эзгулик, шафқат, бурч каби тушунчаларни эмас, ростгўйлик ва ахлоқийликни ахлоқнинг негизи деб билиши шундан. Демак, Нитцшэ таълимотини ўрганиш учун кўп ўринларда унга нивелирнинг дурбини орқали қараш, яъни фикрлар ортидаги тескари маънони тушунмоқ лозим бўлади. Чунончи, у Исони, насронийликни, боя айтганимиздек, айбдор деб санайди, улар шаънига аччиқ гаплар айтади, ўзини аксилнасроний деб атайди; файласуф ҳатто сўнгги асарларидан бирига «Аксилнасроний» номини ҳам берган. Лекин аслида у Исони, насронийликни севади, мен қалбан ҳеч қачон насронийликка қарши гуноҳ иш қилмаганман, дейди Нитцшэ. Сўнгги мактубларига эса, унинг «Хочга парчинланган шўрлик» деб имзо чекканлиги маълум. Буларнинг сабаби шундаки, мутафаккир инсонни ҳам, Исони ҳам, ахлоқни ҳам севади, лекин улар ўзлари ўзлигини намоён қила олмаганидан, чекига тушган вазифани бажармаганидан, кўтарилиши мумкин бўлган юксакликка кўтарилмаганидан – майдалашиб кетган буюкликдан ғазабланади, алам билан, жаҳл билан фикрлайди. «Жаҳл келганда, ақл кетади», деган мақол назаримда Нитцшэга ҳам тааллуқли.
Буюк олмон мутафаккирининг наздида асл одам, юқорида идеал сифатида таърифланган ало одам дин ҳамда у тарғиб этган эзгулик ва ёвузликдан нариги тарафда туриб фаолият кўрсатиши керак. Агар у «Зардушт шундай деди» асарида ало одамнинг сувратини чизган бўлса, кейинги асарларида унинг моҳиятини, мақсадини ва маънавий қиёфасини очиб беради. Ало одам дунёни эстетик призма орқали кўра оладиган, инсоний савқи табиийга асосланган дионисийча гўзалликка эътиқод қиладиган инсон. Унинг санъатга муносабати ана шу эътиқоддан келиб чиқади. Нитцшэ эстетикасида санъат ва санъаткор масаласи энг мураккаб, идрок этилиши қийин, кескин ўзига хосликка эга муаммолардан бири. Шунинг учун биз унга нисбатан умумий тарзда тўхталиб ўтишни маъқул кўрдик.
Санъат, Нитцшэнинг фикрига кўра, инсон учун икки хил маънодаги овутиш манбаидир. Аввало, унда барча мавжудотлар метафизик бирлиги, коинот асосининг мангу яхлитлиги акс этади; яна у инсоннинг диққатини ўз изтиробларидан чалғитади, ҳаётни севишга ундайдиган гўзал қиёфалар (образлар) дунёсини яратади.
Биз эстетик мушоҳада вақтида қайсидир бир роман ёки фожиа қаҳрамонининг ҳаяжонини, изтиробу қувончини бошимиздан кечираётгандек бўламиз ҳамда қаҳрамонга нисбатан ҳамдардлик ҳиссини туямиз, чунки фожиа бизни ўз шахсимиздан, барча ўткинчи, чегараланган нарсалардан юксакка кўтаради, шу билан бирга индивидга хос вақт ҳамда ўлим қўрқувини енгади. Фожиада санъат индивидуал мавжудликнинг алдамчилигини фош этади ва бизни қаҳрамоннинг ҳалокатидан қувонишга мажбур қилади: бу – дионисийча йўналишдир. Дионисийча йўналишдаги санъат ўзини кўпроқ мусиқада намоён қилади. У бизни ўзида ягона бўлган оламий ихтиёрнинг сирли оҳангига олиб киради.
Нитцшэ иккинчи бир асосни ҳам келтиради. Бу йўналишда биз учун гўзал орзу-хаёллар, жозибадор қиёфалар дунёси яратиб берилади ва биз ширин ҳаётимизнинг давом этишини истаймиз. Биз ўз индивидуал мавжудлигимизнинг алдовидан кўзни чирт юмишни хоҳламаймиз, чунки ҳаёт қанчалик тубан, алдамчи, чиройли ёлғондан иборат бўлмасин, барибир ҳаётни севамиз. Санъатнинг ана шундай асосини Нитцшэ аПольлонча деб атайди.
Нитцшэ аПольлонча санъат билан дионисийча санъатни қарама-қарши қўяди. АПольлонча санъат инсоннинг кўзларини ҳаракатга келтирувчи, эҳтиросга солувчи санъат, унда кўзлар кўра билиш қобилиятига эга бўлади. Рассом, ҳайкалтарош, эпик шоир – асосан нигоҳбонлардир. Дионисийча санъат эса, инсон аъзоларининг ҳаммасини бирваракай жалб қилади, моҳиятан инсон савқи табиийси (инстинкти)га асосланади. Бундай ҳолатни биз юқорида айтилганидек, мусиқа тинглаган пайтимизда бутун вужудимиз билан ҳис этамиз.
Умуман, Нитцшэ нафосатшунослигига диққат қилганимизда шуни кўрамизки, санъат, унинг фикрича, илк хаосдек вужудга келишининг норационал маънодаги оқими бўлмиш «умумий ҳаёт»га хизмат қилмоғи лозим. Шу сабабли файласуфни ўз замонасидаги санъатнинг оммага ҳиссий таъсири, одамни маст қилувчи хусусияти, эзгулик ва адолатнинг мавҳум идеаллари билан оммани сурурий мароқлантириши чўчитади. У маданиятнинг, шу жумладан санъатнинг оммавийлашувига, санъатдаги оммавийчиликка қарши чиқади.
Нитцшэнинг бу эътиқоди жанговорлик табиатига эга, олдин барча қотиб қолган, мажбуриятга асосланган нарсаларни бузиш керак, кейин яратиш лозим, яратувчанлик, ижодкорлик юқорида зикр этилган ало одамнинг табиати. У ҳукмронликка эга бўлиши, энг аввало ўз устидан ҳукмронликка эришиши шарт. Шундагина у бошқалар устидан ҳам ҳукмронлик қила олади. Ало одамнинг мавжудлиги табиийликка асосланади. «Табиат… бировларни кучли руҳ, бошқаларни кучли мушаклар ва эҳтирос билан ажратади, учинчилари эса на унисига, на бунисига эга – ўртамиёна одамлар, булар – кўпчилик, биринчи табақа эса саралар, – деб ёзади буюк файласуф. – Олий табақани мен озчилик табақаси деб атайман, улар комил бўлганлари ҳолда, озчиликнинг устуворлигига ҳам эга: бу – бахтнинг, гўзалликнинг, яхшиликнинг ердаги вакиллари, дегани. Зеро, фақат маънавий жиҳатдан юксак қобилият соҳибларигина чиройлиликка, гўзалликка дохил бўлиш ҳуқуқига эгадирлар; фақат уларга хос эзгуликкина заифлик эмас… Улар қийинчиликни ўзлари учун неъмат деб биладилар, ўзгаларни эзиб ташлайдиган оғирликлар билан ўйнашадилар, бу улар учун ором ҳисобланади»[21].
Иккинчи табақа, Нитцшэнинг фикрига кўра, қонун, тартиб ва хавфсизлик қўриқчилари, биринчиларнинг – маънавий қудрат эгаларининг хоҳиш-ихтиёрларини амалга оширувчи, уларнинг энг яқин кишилари, аъёнлари, энг яхши шогирдлари. Учинчи табақа – ўртамиёна одамлар, улар ҳам керак. Зотан «юксак маданият, бу – пирамида, у фақат миқёсли пойдевор устидагина тикланиши мумкин, у ўз мавжудлигининг шарти сифатида, энг аввало кучли ва соғлом ўртамиёналикка суянади… Агар истисноли одам ўртамиёналарга ҳам ўзига ва ўзига ўхшаганларга нисбатан бўлганидек ғамхўрлик кўрсатса, бу унинг учун хушмуомалилик эмас, балки оддий бир би мажбуриятдир»[22].
Бироқ Нитцшэ баъзи ўринларда «ўзига ва ўзгаларга бешафқат бўлишни» шу қадар меъёридан ошириб юборадики, натижад фикрларидан зўравонлик нинг иси бурқсиб туради. Бундай ўринларда вайронкорликни бунёдкорлик учун восита деб биладиган ало одам, уни бунёдкорлик билан тенг даражадаги мақсад деб қарайдиган зўравонга айланади.
«Ахлоқ шажарасига доир» асарида Нитцшэ олий табақа одамлари ҳақида, улар ёнғину қотиллик, зўравонлигу қийноққа солишлардан сўнг, йиртқич ҳайвонлар каби ҳеч қандай виждон азобисиз, худди навбатдаги майда безориликдан кейин қайтаётган мағрур талабага ўхшаб, шоирлар мадҳиялар айтадиган иш қилдик, деб уйга йўл оладилар, дейди. Барча олийжаноб ирқлар замирида ана шундай ваҳший ҳайвон, ўлжа ва ғалаба излаган малласоч шайтон ётади. Бу борада румолик, араб, олмон, япон андозалари, Ҳомер қаҳрамонлари, скандинавиялик викинглар бир-бири билан ўхшаш[23].
Бундай фикрлар Нитцшэнинг қиёфасини кўз олдимизда бешафқат, қаҳри қаттиқ, зулмкор инсон сифатида гавдалантирмаслиги мумкин эмас. Аслида эса, Нитцшэ ниҳоятда такаллуфли, мулойим, ҳатто анча кўнгли бўш шахс бўлган. Лекин ундаги ўртамиёналикка, бир хилликка, майда одамларга бўлган ички ғазаб шу қадар кучлики, бу куч уни керак-нокерак пайтда қуйишқондан чиқариб юборади, ўзи ҳам ўз идеалига мос мутлақ эркин ало одам бўлгиси келиб қолади. У одамдан юксак одам, тарихни яратадиган, маданиятни яратадиган ало одам орзусида оломоннинг ҳалокатини, ҳатто ўз ҳалокатини одатий қисмат сифатида қабул қилади. У Явадаги зилзилада 200 000 киши ҳалок бўлганини эшитиб ачинмайди, аксинча бундан илҳомланади. Бу ҳақда Нитцшэ ҳаётини энг ҳаққоний ёритиб берган муаллиф деб эътироф этилган Даниэл Ҳалеви аниқ далилларга асосланиб шундай деб ёзади: «Қандай ажойиб, – деди ўзига телеграммани ўқиб бераётган Ланцкийга, – бир лаҳзада 200 000 одам йўқ қилинибди! Бу зўр! Мана, инсониятни кутаётган интиҳо, у мана шу интиҳога қараб бормоқда!» У денгиз бирдан тошиб чиқиб, жуда бўлмаганда Ницца ва унинг аҳолисини ҳалок қилишини хоҳлашини айтади. «Бироқ, – дейди унга Ланцкий, – унда, ахир, биз ҳам ҳалок бўламиз-ку! Нитцшэ: «Барибир эмасми, деб жавоб берди»[24]. Бошқа бир ўринда Нитцшэ ўз-ўзи билан шундай савол-жавоб қилади: «Бахт нима? – ўсиб бораётган ҳукмронлик ҳисси, қаршиликларни енгиб ўтиш ҳисси». Қўшимча қилиб яна шундай дейди: «Заифлар ва омадсизлар ҳалок бўлишлари керак: инсонга бизнинг муҳаббатимизнинг биринчи кўриниши шу. Бунда уларга яна ёрдам ҳам беришимиз лозим»[25].
Келтирган кўчирмамизда биз инкор фалсафаси – нигилизмнинг олий кўринишига дуч келяпмиз. Оврўпа нигилизмининг отаси Нитцшэ нафақат ўз даврини, мавжуд ижтимоий воқеликни, балки ўша ижтимоий воқеликнинг асоси бўлган замондошини, умуман инсонни инкор этмоқда. Нега бунчалик бешафқатлик? Буни файласуф ўз номини оқлаётган инсоннинг деярли йўқлиги билан изоҳлайди. У ўз мухолифларига менга бирор-бир комиллик эгасини кўрсатинг-чи, деб мурожаат қилади, токи у инсон номини оқлаган бўлсин, унга қараб инсонга ишонч туйғусини сақлаб қолайлик, дейди: «Оврўпа кишисининг майдалашиб, тескарилашиб кетиши ўзида бизнинг улкан хавфсираш ҳиссимизни яшириб турибди, зеро, бу бизни толиқтиради… Ҳозир биз камолга етказиши мумкин бўлган ҳеч нарсани кўрмаяпмиз… Айнан ана шунда Оврўпа қисмати яширин – инсон олдидаги қўрқув билан бирга унга бўлган муҳаббатни, унга бўлган ҳурматни, ҳатто унга бўлган ихтиёрни йўқотдик. Эндиликда одамнинг кўриниши бизни чарчатмоқда – агар мана шу ҳолат бугун нигилизм бўлмаса, унда нигилизм нима. Биз одамдан чарчадик»[26].
Буларнинг ҳаммасида «Биз одамдан чарчадик», деган Нитцшэнинг ҳаддан ошиб, шафқатсизликка айланган аламзадалигини ҳис этиш мумкин. Бироқ Нитцшэ нигилизмига мутлақлик мақомини бериш хато бўлур эди. У Навоий ва Гётлар, Темур ва Наполэонлар дунёсини хоҳлайди, оламда абадий қайталаниш қонуни бирлигига ишонади. Ўша буюклар дунёси қайтиши учун ўртамиёналарни – оммани қурбонлиқ воситаси деб билади. Шу боис истисноли буюкларни оломон билан тенглаштирадиган социализм ва демократиядан ғазабланади, жирканади.
Демократия ва социализм унинг наздида фақат бир хил «тараққиётга» – одамларнинг майдалашувига, ўзларининг тескариси бўлиб қолган мавжудотга айланишларига олиб келади. Ана шундай муқаррарлик билан инсониятнинг қум-қуйқаси пайдо бўлади; ҳаммаси ниҳоятда бир хил, ниҳоятда кичик, ниҳоятда думалоқ, ниҳоятда яшовчан, ниҳоятда зерикарли, дейди мутафаккир. Демократия ва социализмни у паст, қуйи, майда инсон ҳукмронлигининг шакллари сифатида талқин этади.
«Социализм, – деб ёзади Нитцшэ, – ўта майда ва аҳмоқларнинг, яъни юзаки, ҳасадгўй, тўртдан уч қисми артистликдан иборат одамларнинг ўйлаб қилинган мустабидлигидир… Социализм таълимотида «ҳаётни инкор қилишга ихтиёр» қўПоль қилиб яширинган: бундай таълимотни фақат омадсиз одамлар ва ирқларгина ўйлаб топиши мумкин»[27].
Шуни унутмаслик керакки, Нитцшэнинг бу фикрларини фақат Ленин-Сталиннинг ижтимоий социализмигагина эмас, балки Ҳитлэрнинг «миллий социализми»га ҳам дахлдор башорат-хулоса сифатида қабул қилиш лозим. Унинг фикрига кўра, социализм фақат қисқа вақт оралиғида ўта террорчилик воситасидаги воқе бўладиган «даҳшат ҳукмронлиги». Дарҳақиқат, нафақат Ленин-Сталин ва Ҳитлэр социализми, балки кейинроқ вужудга келган Мао Цзе Дун, Поль Пот, Шарқий Оврўпа социализми ҳам жуда қисқа умр кўрди ва шу муддат ичида ўзини қатағонлар воситасида сақлаб турди.
Нитцшэ ўз даври санъатига нисбатан декаданс (таназзул) тушунчасини қўллайди; декаданснинг сабабини «даврнинг плебейлик руҳида», маданиятнинг демократлашувида кўради. Демократия «кичкина», ўртамиёна одамнинг, омманинг тантанасига олиб келади; шахснинг ўртамиёнлашуви, оммавийлашуви рўй беради. Унда бадиий ижод айрим истеъдодли одамларнинг машғулотидан ҳамма шуғулланаверадиган косиблик турига айланиб қолиши, ҳар бир индивид ўзининг «кичкина мен»и ҳақида санъат орқали ҳаммага жар солиши мумкин. Нитцшэнинг бу фикрлари тасдиғини биз деярли ҳар куни экранларимизни тўлдириб, «Биз санъаткорлар…» деб гап бошлайдиган на товуши бор, на қўшиғининг маъноси бор, умрини «тўйларни қизитиш» – бечора ўзбекни шилиш учун сарфлайдиган, ҳақиқий санъатдан бехабар, юзлаб «кичкина мен»ларнинг «эстрада шедеврларида» кўрамиз.
Агар биз ҳозирги энг илғор Ғарб демократиясига назар ташлайдиган бўлсак ҳам, Нитцшэнинг хавфсираши бежиз эмаслигига ишонамиз. Масалан, ўта демократик мамлакатнинг бош вазири, дейлик, аввал ўзи бир неча давлатлар элчиларини қабул қилди, улар билан муҳим масалаларни ҳал этиб, сўнг, фавқулодда Африка ёки Яқин Шарқ мамлакатлари бўйлаб сафарга чиқди, сафарини охирига етказолмай қайтиб келиб, икки-уч вилоятда рўй берган табиий офат оқибатларини бартараф этишга шўнғиб кетди. Натижада у солиқ декларациясини ўз вақтида тўлдириб беролмади. Айни шу пайтда ўша мамлакатдаги хусусий этикдўзлик дўконига эга ёки тобутсозлик билан шуғулланадиган фуқаро ўз даромадини камайтириб кўрсатиш йўлларини қидириб топишга уриниб, у ҳам солиқ декларациясини ўз вақтида тўлдирмади. Натижада миллат, мамлакат ва давлат манфаатлари йўлида тиним билмаган, шу манфаатларни қонундан устун кўрган одам билан ўз фойдасини кўзлаб қонунни бузган этикдўз ёки тобутсоз бир хил жазога тортилади. Бунинг устига, этикдўз ёки тобутсоз жаримани тўлаб қутулиб кетаверади. Бош вазирнинг жазоси жаримани тўлаганидан кейин бошланади: газета, журнал, радио, телевидение – ҳаммаси раҳбарнинг қонунни бузганлиги ҳақида жар солади, уни ҳатто эгаллаб турган лавозимига ахлоқий жиҳатдан номуносиб одам деб аюҳаннос кўтаради. Ваҳоланки, ҳуқуқ ва ахлоқ ниқобини кийиб, раҳбарни шарманда қилишга киришган гуруҳнинг мақсади битта – уни ҳокимиятдан четлатиш, жуда бўлмаса, қайта тайинланиш имконидан маҳрум қилиш ҳамда шу йўл билан ўзгаларнинг ҳокимият тепасига келишини таъминлаш. Бу – ахлоқийлик ниқобидаги ахлоқсизлик. Мана шу ахлоқсизликни амалга оширишда – улкан инсонни бурдалаб-майдалаб ташлашда омма ва оммавий ахлоқ ёрдам беради. Омма эса Нитцшэ нуқтаи назаридан фақат қуйидаги уч хил ёндашувга лойиқ холос: улар улуғ инсонларнинг заиф, қонсиз нусхалари; буюкларга қаршилик кўрсатувчи куч; буюкларнинг қўлидаги қурол. Уларда уч хил инстинкт мавжуд: «1) поданинг кучли ва мустақил шахсларга қаршилик инстинкти; 2) жабрдийдалар ва омадсизларнинг бахтлиларга қаршилик инстинкти; 3) ўртамиёналарнинг истисноларга қаршилик инстинкти»[28]. Ана энди Нитцшэнинг Ало одамни ахлоқдан, қонундан юксак туриши, ўзи қонун яратувчи, деб таърифлашини маълум маънода тушуниш мумкин.
Ғарб демократиясидаги, социализмдаги тенглик, баъзи ҳолларда адолатсизликка айланишининг, тенглаштириш билан айнанлашувининг хавфи борлигини Нитцшэ олдиндан кўра билди. Бундай демократиянинг инсоният учун хавфли эканини АҚШ Президенти Билл Клинтон устидан олиб борилган суд ҳам кўрсатиб берди. Унда мамлакат, миллат манфаати эмас, АҚШ Президентига мухолифат гуруҳнинг мақсади – ҳокимиятни қўлга олиш биринчи ўринда турганини илғаш қийин эмас. Аҳлоқийлик талаб қилаётган гуруҳ аъзоларининг ботиний ахлоқсизлиги шундаки, улар жаҳон жамоатчилиги олдида АҚШ давлатини, унинг демократиясини, халқи сайлаб қўйган президентини шармандаи шармисор қилдилар, буларнинг ҳаммаси манфаат юзасидан амалга оширилган «анъанавий» ахлоқий ва демократик мезонлар доирасидаги ишлардир.
Нитцшэдаги бундай «демократик тартиблар»га қаршилигининг яна бир сабаби бундан бир неча минг йиллар аввал рўй берган воқеаларга бориб тақалади. Маълумки, у қадимги юнон фалсафаси ва адабиётини чуқур билган олим, Базел университети Мумтоз филология кафедраси мудири эди, табиийки, Перикл давридан бошланган буюк Юнонистоннинг фожиасини яхши биларди: ҳамманинг тенглигини талаб қилган, аслида ўз манфаатларини кўзлаган ўртамиёна одамлар, сиёсий фирибгар ва корчалонлар демократияси демагогия ҳукмронлигини ўрнатди, ҳатто Периклни давлат раҳбарлигидан четлатди. Афинанинг тенгсиз олтин ҳайкалини яратган буюк Фидийни турмага ташлади, охир-оқибатда мамлакатни ёлғон, мунофиқлик ва фисқу фужур гирдобига тортди. Бунинг натижасида Юнонистон ўз мустақиллигини ҳам, улуғворлигини ҳам, намунавийлигини ҳам йўқотди, икки ярим минг йилдирки, ҳозиргача бу мамлакат ўзини ўнглаб ололгани йўқ. Нитцшэ ана шундай демократия ниқобидаги демагогияга қарши эди, социализмни демагогия ва ўртамиёначилик ҳукмронлигининг бир кўриниши деб биларди.
Буюк файласуф энг тинч даврларда, дунё аҳли уруш хаёлидан йироқ йилларда тарихда мисли кўрилмаган урушларнинг кетма-кет келиши, уларда ер юзида ҳукмронлик қилиш учун Россия билан бирлашган Оврўпа кучларининг тўқнашуви ҳақида ёзади. Дарҳақиқат, Нитцшэ вафотидан кейин ўн тўрт йил ўтар-ўтмас Биринчи жаҳон уруши бошланди, кейин Россия инқилоби, Антанта ҳужуми, фуқаролар уруши, Лениннинг «қизил террори», Сталин ва Ҳитлер қатағонлари, ундан сўнг Иккинчи жаҳон уруши; Хиросима, Нагасаки фожиалари, миллий озодлик учун олиб борилган урушлар, Вьетнам уруши, Лотин Америкаси ва Африкадаги партизанлик ҳаракатлари, фуқаролар урушлари, Эрон, Ироқ, Афғонистон, Тожикистон… Бундай урушлар ҳозир ҳам давом этмоқда.
Унинг Россия, Олмония, ҳатто Оврўпа Иттифоқи ҳақидаги фикрларини ҳам бемалол башорат дейиш мумкин. У олдиндан кўра билган Оврўпа халқлари иттифоқида ҳар бир алоҳида халқ, жуғрофий мақсадларига мувофиқлашган чегараларда муайян кантон ўрнини эгаллайди. Улардаги ўзаро муносабатлар қурол кучи эмас, балки «ўзаро фойдалилик» тамойили асосига қурилади. Бу иттифоқнинг тузилганига, тамойили ҳақиқатан «ўзаро фойдалилик» эканига, пул бирлиги «евро»нинг муомалага кирганига ўзимиз гувоҳмиз.
Нитцшэнинг «фашистлашувига» яна бир сабаб, бу унинг синглиси, акасига ғоявий жиҳатдан мутлақо душман бўлган, ўтакетган фашист Б. Фёрстерга турмушга чиққан, миллатчиликда эридан қолишмайдиган Элизабет Фёрстер-Нитцшэ хоним дейиш мумкин. У Нитцшэ архивига эга бўлиб олгач, акасини «анча-мунча» таҳрир қилибгина қолмай, у ҳақда турли ёлғон-яшиқларни тарқатади. Бу «суюкли, меҳрибон сингил» нафақат Нитцшэнинг ҳассасини, балки Нитцшэ қарашларини ҳам Ҳитлерга совға қилишни истагани кўпчиликка маълум.
Нима бўлганда ҳам, Нитцшэ инсоният келажагида икки йўлни кўрди: бири – социализм, иккинчиси – фашизм, у социализмнинг террорлари-ю, тенглаштиришларидан нафратланиб, ғазаб ва аламзадалик устида беихтиёр фашизмга ён босган бўлиши мумкин. Шу маънода буюк олмон ёзувчиси Томас Маннинг, Нитцшэ фашизмни эмас, фашизм Нитцшэни бунёдга келтирди, моҳиятан ҳар қандай сиёсатга ёт бўлган бк мутафаккир фашизм учун ахлоқан жавобгар эмас, аксинча у Ғарб дунёсини сейсмограф мили каби зилзиладан огоҳ қилди, деган фикри диққатга сазовор[29].
Шу муносабат билан мақоламиз бошидаги Ғаззолий Дайламийдан келтирган ҳадисий ривоятни яна бир бор эслаш ўринлидир: «Тонг отиб, кун ёришган ҳар саҳар, кун ботиб, шафақлар йўқолган ҳар кеча борки, унда икки фаришта тўрт хил овозда бир-бирига дейди: «Кошки, бу халқ яратилмаса эди!» Бошқаси дейди: «Кошки, улар яратилганларидан сўнг, нима учун яратилганларини билсалар эди!» Яна бири дейди: «Кошки улар нима учун яратилганларини билганларидан сўнг, билганларига амал қилсалар эди!» Ундаги фаришталар айтган уч жумланинг давоми сифатида, фаришта бўлмаса ҳам Нитцшэнинг «Биз одамдан чарчадик», деган гапини тўртинчи жумла қилиб қўшиб қўйиш мантиққа зид эмас. Хўш, нима учун инсон ҳақидаги фаришталар шундай кескин гапларни айтишлари мумкин-у, Нитцшэ айтса, ундан норози бўламиз?! Фаришталар ҳам, Нитцшэ ҳам аччиқ ҳақиқатни айтмоқда: инсон моҳиятан ўзига юкланган вазифаларни бажармасликни афзал деб ҳисоблайдиган мавжудот бўлиб қолмоқда. Бундай инсонни тушуниш ва унга ўзининг аҳволини тушунтириш, фақат анъанавий рационал йўл билан амалга оширилиши мумкин эмас эди. Нитцшэ файласуфлар орасида шуни биринчилардан бўлиб англаб етди ва янгича, бошқаларникидан ўзгача, кутилмаган йўл тутди, ниҳоятда миқёсли «ҳаёт фалсафаси» деб аталган янги фалсафий йўналишга асос солди. Бу йўналиш эса, кейинчалик жаҳон фалсафаси тараққиётига улкан ҳисса қўшган прагматизм, феноменология, экзистенциализм, руҳий таҳлил сингари оқимларга ғоявий-назарий асос бўлиб хизмат қилди. Ҳозир ҳам Нитцшэнинг энг илғор қарашлари янги-янги фалсафий оқимларнинг юзага келиши учун маълум маънода омил вазифасини ўтамоқда.
Яна бир гап. Ушбу мақолани ўқиб чиқиб, баъзилар муаллиф майлпарастликка берилган, анча-мунча мутафаккирлар томонидан (айниқса шўролар замонида) қораланган Нитцшэни оқлашга, унинг Осиёга, мусулмончиликка бўлган муносабатини бўрттириб кўрсатишга, ундан мўмин-мусулмон донишманд ясашга интилган, деб ўйлашлари мумкин. Бу алдамчи тасаввур. Чунки, камина Нитцшэнинг мусулмончиликка ҳавас билан қарашини, уни ҳақиқатан ҳам энг юксак даражадаги эътиқодий йўл деб ҳисоблашини идеаллаштирмоқчи эмасман. Буюк олмон файласуфи, афсуски, исломни чуқур ўрганган эмас, унинг моҳиятига жиддий эътибор бермаган. Зеро ислом заифлар ва омадсизларни йўқотишни, уларни супринди ирқ сифатида жамиятдан четга чиқариб ташлашни қоралайди, аксинча уларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан тарбиялашни талаб қилади, уларга нисбатан шафқатсизликни эмас, шафқатни таклиф этади. Бу талаб ва таклиф фақат эътиқодий жиҳатдан эмас, балки ҳаётий нуқтаи назардан ҳам жамиятнинг реал мавжудлигини таъминлайдиган ҳодисадир. Чунки жамият шундай тузилмаки, унда заифларсиз – кучлиларнинг, мазлумларсиз – золимларнинг мавжудлиги мумкин эмас. Акс ҳолда, жамият яшаш имконидан маҳрум бўлади.
Бу борадаги Қуръони карим ва Ҳадиси шариф кўрсатмаларини умумлаштириб, ўрта асрлар мусулмон тафаккурининг буюк намояндаси, илоҳиётчи, файласуф, тенги кам ахлоқшунос Ҳусайн Воиз Кошифий ниҳоятда эътиборга сазовор фикрларни билдирган. У инсоний ҳаёт, яъни жамият бўлиб яшаш диалектикасини мана бундай таърифлайди: «Заифлар ҳалок бўлгач, ундан сўнгра кучлилар ҳам жойида қолмайди. Чунки кичиклар билан улуғларнинг турмушлари бир-бирига боғлиқдир»[30]. Бошқа ўринда Кошифий жамиятни Нитцшэнинг табақалашидан бошқача тарзда тўртга бўлади ва ҳар бир табақани қадимги Шарқ фалсафасида оламнинг асоси ҳисобланган тўрт унсурга – олов, ҳаво, сув ва тупроққа ўхшатади: «Ҳакимлар айтадиларки, адолатнинг маъноси халқаро тенгликни кўзлашдир, яъни бир гуруҳ иккинчи бир гуруҳдан устун қилинмайди, ҳар тоифа ўз мартабасида тутилади. Подшоҳларнинг тобелари аслида тўрт гуруҳ бўладилар: Биринчиси, шамшир аҳли, чунончи, амирлар ва лашкар бўлиб, улар оловга ўхшайдилар. Иккинчиси, қалам аҳли, чунончи, китобдор ва вазирлар бўлиб, улар ҳавога ўхшайдилар. Учинчиси, муомала аҳли, чунончи, савдогар ва ҳунармандлар бўлиб, улар сувга ўхшайдилар. Тўртинчиси, зироат аҳли, чунончи, деҳқонлар бўлиб, улар тупроқ сифатли бўладилар. Агар тўртта унсурнинг бири бошқасидан устун келса, халқ мижози вайрон бўлгани каби, бу тўрт гуруҳнинг ҳам бири бошқасидан ғолиб келса, мулк мижози бузилади, оламнинг тинчлиги ва одамзоднинг яшаш тарзи издан чиқади»[31]. Мана шу абадий ҳақиқатни англаб етмаганлиги, исломнинг моҳиятига кира олмаганлиги Фридрих Нитцшэнинг катта хатосидир.
Тўғри, Ҳусайн Воиз Кошифий келтирган ижтимоий табақалаш тамойили Нитцшэ севган «Ману қонунлари»даги қадимги ҳинд табақалаш тизимига маълум маънода ўхшаш (айнан эмас). Улардаги умумийлик шуки, ҳар иккаласида ҳам асосан иқтисодий-касбий нуқтаи назар устуворликка эга. Нитцшэ эса жамиятни табақалашда кўпроқ индивидларнинг маънавий–руҳий жиҳатларини назарда тутади. Агарда биз ҳар бир иқтисодий-касбий табақанинг ўз маънавий-руҳий даражаси борлигини ҳисобга олсак, Нитцшэни бу борада янгилик яратган деб бўлмайди. Лекин буюк олмон файласуфи ўртага ташлаган ало одам ғояси асосида инсонни янгилаш муаммоси ўзига хос маънавий кашфиёт эканини таъкидлаш жоиз, фақат унга эришиш воситалари сифатида маърифат, мурувват ва шафқатга суяниш мақсадга мувофиқдир; биз буюк мутафаккирлар меросини баҳолашда улар йўл қўйган хатоларни эмас, балки биринчи навбатда, уларнинг инсонни янгилаш учун қилган улуғ ишларини ҳисобга олишимиз лозим.
Шу жиҳатдан мақола сўнгида жаҳоннинг энг буюк файласуфларидан бири, рус мумтоз фалсафасининг отаси Владимир Соловьёвнинг фикрларини келтириш ўринли. У ўзининг «Ало одам ғояси» мақоласида Нитцшэ қарашларидаги биз ҳам таъкидлаган хато жиҳатларни айтиб ўтгани ҳолда, буюк олмон файласуфи ўрнтага ташлаган ало одам ғоясига ижобий муносабат билдиради. Вл.Соловьёв, кейинги пайтларда (XIX аср охирларида) уч ғоя майдонга чиққанини, ҳатто модага айланганини айтади. Булар «иқтисодий моддиятчилик (материализм), мавҳум ахлоқийлик ва «ало одам» даймонизми, – дейди у, – уч улуғ ном (Карл Маркс, Лев Толстой, Фридрих Нитцшэ номлари) билан боғлиқ бу уч ғоянинг биринчиси – ҳозирги кунга, кун ўтказишга қаратилган, иккинчиси – қисман эртанги кунни ҳам ўз ичига олади, учинчиси эса, индинги кунда ва ундан кейин нима бўлиши ҳақида. Учаласи ичидан мана шунисини мен энг маъқули деб ҳисоблайман»[32]. Вл.Соловёвнинг бу ижобий муносабати ало одам ғоясининг Нитцшэ таъкидлаганидек, инсоний табиат билан боғлиқ бўлганидан келиб чиқади. Зеро барча мавжудотлар ичида фақат инсонгина танқид ҳиссига эга, фақат угина ўзига (ўз инсоний қавмига) танқидий қарай олади. Ана шу танқидий қараш унинг маънан тадрижий жиҳатдан ривожланиб боришини таъминлайди. Шундан келиб чиққан ҳолда буюк рус файласуфи ало одам инсониятнинг умумидеалига айланиши керак, ўшанда одамзод ўз асл мақсадига эришиши, ўз табиати талабини қондириши мумкин, деган фикрни илгари суради: «Инсоннинг, – деб ёзади у, – табиийки, ҳозиргисидан кўра яхшироқ ва улканроқ бўлгиси келади, уни табиий равишда ало дам идеали ўзига тортиб туради. Токи, у ҳақиқатан ҳам хоҳлар экан, у буни қила олиши мумкин, токи, қила олиши мумкин экан, шундай қилиши шарт»[33].
Бироқ буюк рус файласуфи, айни пайтда ало одам ғоясини Нитцшэ таклиф қилган йўл билан амалга ошириш мумкин эмаслигини, бу ғояни идеалга айлантиришдан олдин жиддий ўйлаб кўриш, атрофлича мулоҳаза юритиб, кейин хулоса чиқариш мақсадга мувофиқлигини яна бир бор уқдириб ўтади. Мақоласининг сўнггида ҳозирги пайтда Нитцшэ туфайли афкор одамлар ўзларини намоён этаётганликларини ва улар билан айнан ало одам масаласида жиддий гаплашиб олишни бошлаш лозимлигини таъкидлайди[34].
Владимир Соловьёв ҳақ. Биз ҳозир у айтган «индин»да яшаяпмиз. Ҳозир иқтисодий-сиёсий омиллар индивид ҳаётидан маънавиятни сиқиб чиқаришга интилаётган, оммавий маданият тобора глобаллашиб – йириклашиб, миқёслашиб, инсон шахсини майдалаштириб ва торайтириб бораётгани, инсонни йириклаштириш бош маънавий муаммога айланиб қолгани сир эмас. Шу боис инсон табиатининг нисбатан тўла намоён бўлиши, унинг ўз мавжудлигини асл моҳиятига мослаштириши, яъни, янада инсонийлаштириши учун Нитцшэнинг ало одам ҳақидаги таълимоти улкан аъамиятга эга.
Шундай қилиб, биз Фридрих Нитцшэ фалсафаси ҳақида қисқача маълумот бердик. Бу мақола буюк файласуф қиёфасига фалсафий чизгилар, холос. Зора, у келажакдаги улкан тадқиқотларга, ўзбек нитцшэшунослигига бир туртки бўлса!
[1] Нитцше Ф. Зардушт таваллоси. И. Ғафуров таржимаси. «Тафаккур» журнали, 1995, 1-сон.
[2] Нитцше Ф. Зардушт таваллоси. И. Ғафуров таржимаси. «Тафаккур» журнали, 1995, 1-сон.
[3] Ницше Ф. Сочинения в 2 т. Т.1. М., «Мысль», 1990. С.735.
[4] Ницше Ф. Сочинения в 2 т. Т.2. М., «Мысль», 1990. С.225.
[6] Ўша асар. 380–381-бетлар.
[7] Ницше Ф. Воля к власти. Посмертные афоризмы. Минск, «Попурри», 1999. С.355.